БОЁСТОН АДИРЛАРИ

БОЁСТОН АДИРЛАРИ — Фарғона ботиғининг шим. шарқидаги адирлар, Босбутов тизмасининг жан. ғарбида жойлашган. Боёстон адирларининг аксари қисми Қирғизистонда, шим. шарқий бўлаги Наманган вилоятининг Косонсой туманида. Жан. ғарбдан шим. шарққа томон 50 км га чўзилган. Ўртача бал. 1000—1200 м, энг баланд жойи (шим. шарқида) 1500 м. Сувайирғич қисми ясси, баъзан майда тепаликлардан иборат, Фарғона водийсига зинапоясимон пасайиб тушади. Ён бағирлари сойлар (Подшоотасой, Намангансой, Косонсой ва б.) ва қурУК ўзанлар билан ўйилган. Боёстон адирлари негизи палеозойнинг кристалли жинсларидан, юзаси юра, бур, палеоген, неоген ва тўртламчи даврларнинг чўкинди (гил, қумтош, конгломерат, лёссимон) қатламларидан ташкил топган. Боёстон адирларининг Ўзбекистондаги қисми ўзлаштирилган, қолган жойлари асосан яйлов. Яйловлардаги типик бўз ва тўқ бўз тупроқларда эфемер, эфемероидлар, айниқса, ферула, чайир кенг таркдлган.