БОЁВУТ (1961—91 й. ларда Дмитрове) — Сирдарё вилоятидаги шаҳарча, Боёвут туманининг маркази. Аҳолиси 13,8 минг кишидан зиёд (2000), асосан ўзбеклар; шунингдек тожик, рус, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Энг яқин т. й. станцияси Фарҳодгача 11 км.
Боёвут 1950 й. ларгача оддий қишлоқ бўлган. Ўша даврда Мирзачўлни ўзлаштириш ҳаракати бошланиши б-н узоқяқиндан кўчиб келганлар ва қурувчилар ҳисобига кенгайди. «Боёвут» атамаси қабила ва жой номи сифатида Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажарайи турк» ва «Шажарайи тарокима» асарларида б«ойўтти», «бойовул», «бойўтлуқ» шаклларида учрайди.
Боёвутда пахта тозалаш з-ди, дон ва ун комбинати, МТП, қурилиш ташкилотлари, автокорхона, туман ташкилотлари идоралари ва деҳқон бозори бор. Шаҳарча ҳудудидан ўтган Жан. Мирзачўл каналининг ўнг соҳилида «Мотамсаро она» ёдгорлиги ўрнатилган. Мирзачўлни ўзлаштириш тарихи музейи, кутубхона, интернат мактаби, касбҳунар лицейи, умумий таълим мактаблари, маданият ва истироҳат боғи ва б. бор.