БИДУН — Бухорони идора қилган бухорхудотлардан бири (7-а. нинг 60 — 70-й. лари). Бухоро арки ва шаҳар атрофидаги деворларни қайта тиклатган. Ривоятларга кўра, Бидун бинокорнинг номини темир тахтага ўйиб ёздириб, уни сарой дарвозасига қоқиб қўйишни буюрган. Яна ўша ривоятга кўра, сарой тез орада қулаб тушган ва уни қайта тиклашга ҳар қанча уринилган бўлса ҳам, лекин бинони қуриб битказа олмаганлар. Шундан сўнг Бидун олимларни туплаб, уларнинг маслаҳати билан сарой (коҳ)ни Етти оғайни юлдузи шаклида етти тош устунли қилиб, яна янгидан қурган. Бу сафар сарой биноси мустаҳкам ўрнашиб, узоқ вақт туриб қолган. Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошлиқ араб қўшинлари Бухорога ҳужум қилиши (673 й.)дан сал олдин вафот этган.
Ад.: Наршахий , Бухоро тарихи, Т., 1966.