БЕШИК ТЎЙИ — Яқин ва Ўрта Шарқ, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбеклар оиласида тўнғич фарзанд туғилиши шарафига ўтказиладиган тантанали маросим. Бу удум Ўзбекистон вилоятларида ўзига хос хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади.
Бешик чақалоқнинг она қариндошлари—бобоси, бувиси, тоға ва холалари томонидан қилинган. Бешик удуми билан боғлиқ чақалоққа керакли барча буюмлар тайёрланган. Дастурхонга нон, патир ва анвои ширинликлар тугилган, шунингдек унга яна ўйинчоқлар (қиз бўлса қўғирчоқ) қўшилган.
Кўп ерларда (хусусан Тошкентда) чақалоққа атаб (агар ўғил бўлса) той ҳам ясатилган. Чақалоқнинг отаонаси, бобоси ва бувисига сарпо ҳам қўйилган. Безатилган бешик, совғалар арава (машина)га юклаб, карнайсурнай ва чилдирмачилар жўрлигида олиб борилган.
Меҳмонлар кутиб олинганда, ниятлари оқ бўлиши, болага бахт тилаш рамзи сифатида уларнинг юзларига ун суриб қабул қилинган. Шу вақтнинг ўзида бошқа хонада доя буви бошчилигида барча иримсиримлар ижро этилиб, чақалоқни бешикка белаш маросими (одатда, болани бешикка кўп болали аёл белаган) ўтказилган.
Маросим охирида яқин қариндошлар чақалоқ ҳузурига, юз кўрарга кириб совға бериб, бешик устига ширинлик сочиб бахт тилаб чиқиб кетадилар.