БЕКМУРОД ЖЎРАБОЙ ЎҒЛИ

БЕКМУРОД ЖЎРАБОЙ ЎҒЛИ (1878 Нурота тумани Қўтир қишлоғи — 1956) — ўзбек халқ бахшиси. Достонларни ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ тилларида куйлай олган. Ҳатто Нурота тожиклари орасида достонларни тожик тилида куйлаганлигини ҳам накл қиладилар. Бекмурод жўрабой ўғли репертуарини ўрганиш ўтмишда Нурота тумани маркази ва унинг шим. да ўзига хос достончилик мактаби бўлганлигини кўрсатади. Халқ достонларини бир неча тидда ижро этиш бу мактаб вакилларигагина хос хусусиятдир. Бекмурод жўрабой ўғлидан «Алпомиш», «Авазхон», «Маликаи айёр», «Кунтуғмиш» каби бир қатор достонлар ёзиб олинган. Булар Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-ти фольклор архиви (инв. № 190, 191, 1010, 1011)да сақланади.

Ас: «Авазхон», Т., 1965; «Гулшанбоғ», Т., 1966; «Холбека», Т., 1967.