БЕКЛАРСОЙ — Навоий вилояти Нурота туманидаги сой, Қаламжарсойнинг ўнг ирмоғи. Юқори оқимида Устуқсой, ўрта оқимида Бекларсой, Оқчопсой, қуйи оқимида Ўрғанчи деб аталади. Миришкор тоғлари (Нурота тизмаси)нинг жан. ён бағридан бошланиб, шим. дан жан. га томон оқади. Ирмоғи кўп. Уз. 41 км, сув тўплаш майд. 180 км2, ўртача кўп йиллик сув сарфи 0,53 м3/сек. Сувининг асосий қисми баҳорда оқади. Куз ва қишда суви камайиб, кўпинча қуриб қолади. Бекларсойда баъзан жаладан сўнг кучли сел оқими кузатилади. Сойдан қадимдан Беклар, Оқчоб, Янги Оқчоб каби қишлоқлар сув ичади. Бекларсой водийсида 16-а. да қурилган Абдуллахон банди (туғони) қолдиқлари сақланган.