БАҲОУЛЛО (асл исми Мирзо Ҳусайн Али Нури) (1817 — 1892) – баҳоийлик асосчиси. Бобийлик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларидан, Бобийнинг яқин сафдошларидан. Бобийларнинг Эрон шоҳига уюштирган суиқасди муваффақиятсизликка учрагандан кейин Б. Ироққа қочган (1852), бу ерда ўзини Боб ишини давом эттирувчи ва худодан ваҳий олган маҳдий деб эълон қилган.
1858 й. да Бағдодда чиқкан «Китоби ийқон» («Ишонч клтоби») асарида Боб таълимотига бўлган муносабатини акс эттирган. 1873 й. да Фаластинда «Китоб ал-ақдас» («Энг муқаддас китоб») асарини ёзади, унда баҳоийлик таълимотининг асосий ғояларини баён этади. Кейинчалик Баҳоулло ўз таълимотини давом эттиришни катта ўғли Аббос афандига (тахаллуси Абдулбаҳо, 1920 й. в. э.) васият қилади. Унинг авлодлари ҳамон ўз ғояларини тарғиб этмоқдалар.