БАҲОР

БАҲОР — Тохаристондаги ўрта аср шаҳарларидан бири. Араб тарихчиси Қу-дома ибн Жаъфарнинг маълумотига кўра, Баҳор шаҳри Хулмдан 7 фарсах (45 — 50 км) нарида, чўлда жойлашган. Баҳорда сув фақат бир қудукдагина бўлиб, унга нарвон билан тушилган. Самъоний (12-а.) Балх вилоятида Шобухор қишлоғини, Ёқут Ҳамавий шу вилоятда Баҳориза қишлоғини қайд этганлар, уларни Баҳор билан айнан бир деб ҳисоблаш мумкин. «Баҳор» атамаси бу ерда ислом динидан аввал в и х а р а, яъни буддавийлар монастири — ибодатхонаси бўлганидан далолат беради. «Нарвон билан тушиладиган кудуқ», яъни сардоба бўлган. Атамалардан бири таркибидаги «шо» қад. «хша» — «подшоҳ» сўзидан, яъни «шо-ҳона вихара» турган ер. Иккинчисида — «за» қўшимчаси суғдча «зай, зая» — «жой, ўрин, ер» маъносига эга. Қиёс қилинг: Тошкентда Новза мавзеи — «янги ер» деганидир.