БАҚОРИЛАР

БАҚОРИЛАР (Plecoptera) — энг қад. ҳашаротлар туркуми. Пермь давридан маълум. Қанотлари икки жуфт, тўрсимон ва шаффоф, ёйилганида 10 — 80 мм келади. Боши йирик, мўйловлари узун. оғиз органлари кемирувчи типда тузилган. Кўпчилик турларининг етуклик даврида оғиз органлари редукцияга учрайди. Личинкаси сувда, етук даврида қуруқликда яшайди. У 1 — 3 йил давомида ривожланиб, вояга етади. Етук даврида бир неча кундан бир неча ҳафтагача яшайди. Урғочиси сув устида учиб юриб, тухумини сувга ташлайди. Тухумлари сув тубида ривожланади. Вояга етаётган личинкалар сувдан чиқиб туллайди ва қанот чиқариб, етук ҳашаротга айланади. Кўпчилик турларининг қанотлик даври баҳор фаслига тўғри келади. Етук ҳашаротлар тухум қўйиб ҳалок бўлади. Бақорилар ифлосланмаган оқар сувларда, айниқса тоғ дарёлари ва сойлари тубида (бентосда) кўп учрайди. Сувдаги ҳар хил микроорганизмлар билан озикланади, айрим турлари йиртқич. Бақориларнинг 2000 га яқин, жумладан Ўрта Осиёда 50 дан ортиқтури маълум. Кўпчилик турлари Ўрта Осиё фаунаси учун эндемик хисобланади. Ўзбекистонда 25 га яқин тури (6 оиласи) тарқалган. Бақорилар балиқларнинг асосий озиғи ғисобланади.