БАТУТ (батуд) (франц. batoude, итал. battuta, айнан — зарба) — тўртбурчак шаклли, атрофи пўлат пружиналар ёки резиналар билан маҳкам тортилган «сим кроват»га ўхшаш сакрашга мўлжалланган анжом. Ундан акробатлар, сувга сакровчилар, гимнастлар фойдаланади. Батутнинг уз. 5 м, эни 1,5 м, поддан бал. 1,2 м. Б. да сакраш (якка ва синхрон жуфтлик) — спорт тури. АҚШда келиб чиққан. Халқаро федерацияга 1964 й. асос солинган, 40 га яқин мамлакат аъзо (1991). 1964 й. дан жаҳон биринчилиги ўтказиб келинади.
Ўзбекистонга Батутда сакраш (трамполин) янги спорт тури сифатида 1972 й. кириб келган. 1984 й. Тошкентдаги 3-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида илк бор Б. бўлими очилди. Т. Мироқилов Б. дан биринчи спорт устаси бўлди (1981). Ўзбекистонлик Д. Поляруш ўсмирлар ўртасида Европа чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди (1987). Яна беш марта шу қитьа биринчилиги ғолиби бўлди. 1990 й. Германияда бўлган жаҳон чемпионатида 2 олтин ва 1 кумуш медаль олди, 1997 й. эса Канадада иккинчи марта жаҳон кубогини қўлга киритди. Спортнинг ана шу турида эришган муваффақиятлари учун Д. Поляруш хизмат кўрсатган спорт устаси, Н. Жихарева (Н. Айдинова) «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тренер» унвонига сазовор бўлган (1991).