БАСАР

БАСАР, Басарон — Тохаристон туманларидан бири. Ўрта аср манбаларига кўра, Басар тоҳирийлардан Абдуллоҳ ибн Тоҳирга 826 — 827 й. ларда 7300 дирхам миқдорида хирож тўлаган. Бу жуда катта миқдордаги хирож бўлиб, Вашгирд туманиникидан 7 марта ортиқ, Хутталон вилоятиникидан (12 минг дирҳам) бир оз кам бўлган. Яьқубий ва Ибн Руста асарларида ҳам Басарон ш. номи учрайди. «Ҳудуд ул-олам» да Басариг шаклида қайд этилиб, унга кўра 10-а. да Басар гўзал ва обод, аҳолиси жангари бўлган. Басар шаҳри ўрта асрларда Кофарниҳон ва Вахш дарёлари оралиғида; Ҳисорнинг жан. да ёхуд жан.-шарқида бўлиб, Ҳисор водийси билан Кўлобни боғловчи карвон йўлида жойлашган. Панжикентдан топилган «турк-суғдий» мис тангалардан бирида 7 — 8-а. лар бошида «Пасар» ш. ҳокими томонидан зарб қилинган тангада Фарнбаг маъбудининг исми битилган. Илк ўрта асрларда Басар ёки Пасар шаҳри афтидан мустақил мулк бўлиб, Басарон ёки Пасарон деб аталган. 7-а. да уни турк малики бошқарган, эҳтимол у Панжикент ҳокими билан қариндош бўлган. Бу ҳақда уларнинг исми ёнида «жамуқ» деган туркий сўзнинг бўлиши гувоҳлик беради. Бу сўз туркий унвон ёки машҳур туркий уруғлардан бири «жамукин»нинг номи бўлиб, бу уруғ илк ўрта асрларда Тохаристонда ва Балх атрофида яшаган. Табарийнинг ёзишича, 706 й. Б. вилоятини Қутайба ибн Муслимнинг биродари Солиҳ забт этган. Бу жангда лашкарбоши Наср ибн Сайёр алоҳида жасорат кўрсатган, шунинг учун Солиҳ унга шу вилоятда жойлашган Танжона қишлоғини инъом этади.

Шамсиддин Камолиддинов.