БАРСТЕРЛАР — муайян давр билан рентген диапазонида чақнаб турувчи юлдузлар. Биринчи бор 1975 й. да атмосферадан ташқи астрономия усуллари ёрдамида топилган. Барстерлар рентген манбалари ҳисобланади; улар нурланишининг фотонлари энергия 1 — 20 кэВ. Б. чақнашнинг қайтарилиши даври бир неча соатдан то бир неча кунгача бўлган оралиқда. Чақнашлар орасидаги вақт оралиғи 30 — 50% гача аста ўзгариб туради. Чақнашлар вақтидаги нурланиш энергияси улар оралиғида тарқаладиган нурланиш энергиясидан тахм. 100 марта кам. Ҳозиргача 50 дан ортиқ Барстерлар батафсил ўрганиб чиқилган. Маълумотларга кўра, Барстерлар массаси Қуёш массасига яқин бўлган нейтрон юлдуз бўлиб, унинг атрофида аккреция ҳодисаси содир бўлмоқда. Бундай ҳодиса қўшалоқ юлдузларда юз бериб, оддий қўшни юлдуздан нейтрон юлдузга масса оқими жараёни б-н боғлиқ. Натижада нейтрон юлдуз яқинида қалинлиги бир неча ўн метр бўлган аккрецион диск вужудга келади. Аккреция жараёнида диск ҳарорати ошиб бориб, унинг қиймати 3-108 К га етиши билан қисқа вақт ичида гелий моддасининг ёниши юз беради ва бу рентген чақнашини кўрсатади. Демак, Барстерларнинг чақнаш механизми термоядро портлаши билан тушунтирилиши лозим. Чақнашдан сўнг аккрецион дискда массаси 1015 т. гелий йиғилиши билан у бир неча секундда ёниб, Ерда яна рентген чақнаши кузатилади.
Ад.: Нуритдинов С. Н., Галактика тузилиши ва физикаси, Т., 1996.