ЮРТ — ўрта аср Шарқ манбаларида мулк, турар жой, мамлакат, ватан, ер маъносида қўлланиладиган атама. 14-асрнинг 2-ярмигача «Юрт» атамаси, одатда, туркий қабилалар кўчиб юрадиган ҳудуд маъносида қўлланилган. 14-аср охири — 15-аср бошларида Юрт деб хон қароргоҳидаги зодагоннинг жойи ёки зодагон ёхуд хоннинг қароргоҳи жойлашган ерга айтилган. Тарихчилар Рашидуддин ва Вассофнинг асарларида Юрт нафақат улус ҳудудини балки қўшиннинг умумий сафида аскарлар ўрни, қароргоҳ (ўрду) жойлашган ер, қароргоҳдаги чодир ўрнатилган жойни ҳам англатган. Сўнгги давр манбаларида «Юрт» атамасининг уй, турар жой, манзилни англатувчи аҳамияти кучайган. Рус манбаларида Юрт Мўғуллар давлати ва Олтин Ўрда парчалангандан сўнг вужудга келган давлатлар ҳудудини билдирган (Сибирь Ю. и, Қрим Ю. и ва бошқалар).