ЮНУСОВ Собир Юнусович

ЮНУСОВ Собир Юнусович (1907.18.3 Тошкент 1995.29.11) кимёгар олим. Ўзбекистон ФА акад. (1952). СССР ФА мухбир аъзоси (1958), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1959), кимё фанлари д-ри (1949), проф. (1952). Меҳнат Қаҳрамони (1969). Ўрта Осиё ун-тини тугатган (1935). Уруш қатнашчиси (1941—43). Ўзбекистон ФА Кимё институти алкалоидлар кимёси лаб. мудири (1943—87), айни вақтда ин-т директори (1949—52), Ўзбекистон ФА вицепрезиденти (1952—62). Ўзбекистон ФА Ўсимлик моддалари кимёси институти ташкилотчиси ва директори (1958— 83), илмий консультант (1983—86), фахрий директори (1987-95), Ўзбекистон ФА кимё-технология бўлими раиси (1986—87). Илмий ишлари тетрагидроизохинолин ва фенантридин алкалоидларини тадқиқ қилиш, янги алкалоидлар тузилишини аниқлаш, улардан амалиётда фойдаланиш, ўсимликларда алкалоидлар ҳосил бўлиш механизмини, уларнинг ўсиш майдонларига қараб йиғилиши ва тўпланиши динамикасини ўрганишга оид.

Юнусов — Ўзбекистонда алкалоидлар кимёси мактабининг асосчиси. Унинг раҳбарлигида 4 мингдан ортиқ ўсимлик тадқиқ қилиниб, уларнинг ярмидан кўпроғида алкалоидлар мавжудлиги аниқланди, 1000 дан ортиқ алкалоидлар ажратиб олинди, цитизан, галантамин, папаверин, протопин каби муҳим алкалоидларнинг 100 дан ортиқ манбаи топилди. Тиббиёт учун амалий аҳамиятга эга 20 га яқин бирикма амалиётга тавсия этилди.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967). Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002). Ўзбекистон ФА Ўсимлик моддалари кимёси институтига унинг номи берилган.

Ас: Алкалоида, Т., 1981.

Категория: 0 YU