ЮГНАКИЙ

ЮГНАКИЙ, Аҳмад Югнакий (12-аср охири, Самарқанд, Югнак қишлоғи — 13-аср 1-ярми, ?) — шоир, мутафаккир. Таржимаи ҳоли ҳақида деярли маълумот йўқ. «Ҳибат улҳақойиқ» («Ҳақиқатлар туҳфаси») асари бизгача етиб келган. Унинг охирида Адиб Аҳмад исми тилга олинади. Асар нусхаларидан бирига темурий амалдорлардан Арслонхожа Тархон томонидан илова қилинган 10 байтли маснавийда Югнакий ҳақида баъзи маълумотлар мавжуд. Ундан маълум бўлишича, Адиб Аҳмад Югнак деган сўлим ва баҳаво жойда туғилган. Отасининг оти Маҳмуд Югнакий бўлган. Китоби адабдан иборат бўлиб,номи —«Ҳибат улҳақойиқ». Китоб кошғарий тилда шеърий йўл билан ёзилган. «Қутадғу билиг»дан 1—2 а. кейин яратилган бу асар ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдонаси ҳисобланади. Алишер Навоий «Насойим улмуҳаббат» тазкирасида Югнакийни Ўрта Осиёнинг машҳур шайхлари қаторига қўйиб, унинг туғма кўрлиги хусусида сўзлайди, яна Навоий Ҳусайн Бойқароътт ўғли Бадиуззамонга ёзган хатларидан бирида ҳам «Ҳибат улҳақойиқ»дан парчалар келтиради. «Ҳибат улҳақойиқ» асари шоир ҳақидаги маълумотларни бирмунча тўлдиришга, Югнакий яшаб ижод этган даврни таҳлил қилишга имкон беради.

Югнакий туғилган жой олимлар ўртасида кўп тортишувларга сабаб бўлган. Самарқанд, Фарғона ва Туркистонда Югнак деган жой борлиги айтилсада, кўпчилик уни Самарқанд атрофида дейишга мойил ва кейинги тадқиқотлар бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайди. 12-асрда яшаган машҳур муаррих Абулкарим асСамъоний «АлАнсоб» («Насабнома») китобида ёзади: «Бу нисба (тахаллус) «Юғанак»дан ва бу (жой) Самарқанд қишлоқларидан. Бу нисба билан Абуҳомид Аҳмад ибн Абу Аҳмад алЮғанакий машҳурдирлар».

Шоир «Ҳибат улҳақойиқ»ни тугатиб, уни ҳукмдори Дод Сипоҳсолорбекка тақдим этади. Машҳур шарқшунос олим Е. Э. Бертельс бу асар қадимий ўзбек адабий тилидан мумтоз ўзбек адабий тилига ўтишда бир кўприк бўлганини айтади. Асар тилида қадимий туркий сўзлардан кўра, араб ва форс сўзларининг кўп қўллангани шундан далолат беради. Югнакий бу асари билан ўзбек адабий тили ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган.

«Ҳибат улҳақойиқ» 14 боб, 512 мисрадан иборат. Достоннинг 1боби Аллоҳга ҳамд, 2боби Муҳаммад (сав) наъти ва чорёрлар таърифига, 3боби Дод Сипоҳсолорбек мадҳига бағишланган. 4бобда китобнинг ёзилиш сабаблари баён қилинган. Дастлабки 4 муқаддима бобдан сўнг асосий қисмга ўтилади. 5боб — маърифатнинг фойдасию жаҳолатнинг зарари, ббоб — тил одоби, 7боб — дунёнинг ўткинчилиги, 8 боб — сахийлик ва бахиллик, 9 ва 10боблар турли масалаларга бағишланган бўлиб, 11боб — китобнинг хотимаси (асарнинг 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ Бахши томонидан кўчирилган нусхасида 11 боб мавжуд — 3 боб ё тушиб қолган, ё бошқаларига қўшилиб кетган).

Югнакий ўзини шоир эмас, балки адаб муаллими, деб ҳисоблаган. Ўзига хос ахлоқ китоби бўлган бу асарга Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маънолари сингдирилган. У ислом дини ахлоқини ташвиқ қилиш, комил инсонни тарбиялаб етиштириш мақсади билан ёзилган.

«Ҳибат улҳақойиқ» илк бор уйғур ёзувида битилган. Унинг нусхалари кўп бўлиб, уларда асар ҳажми турлича. Ҳозирча маълум қўлёзмалардан 3 таси (бири уйғур ёзуви, иккинчиси араб ва уйғур ёзуви, учинчиси эса араб ёзуви билан битилган) тўлиқ, қолганлари парчалардан иборат. 1444 йил Самарқандда Зайнулобидин бахши, 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ бахши ва Туркиянинг Тўпқопи кутубхонасидаги номаълум котиб томонидан кўчирилган қўлёзмалар эътиборли нусхалар ҳисобланади. Асарни 1марта турк олими Нажиб Осимбек топиб (инв. №4757), нашр эттирган (қисқартирилган нашри — 1906, тўлиқ нашрлари 1916, 1925). Кейин 1951 ва 1992 йилларда уни Р. Р. Арат сўзбоши, изоҳлар ва 6 та нусхасининг факсимилеси ва Туркияда 16-асрда кўчирилган араб ёзувидаги нусхасининг таржимаси билан нашр эттирган. Ўзбекистонда асардан парчалар Фитрат, Ойбек, П. Шамсиев, С. Муталлибовлар томонидан ўзбек адабиёти намуналаридан тузилган мажмуаларда эълон қилинган. Сўнг у Қ. Маҳмудов томонидан алоҳида китоб ҳолида эълон қилинди (1968; 1971). Ўтган аср охирларида уйғур олимлари Ҳ. Темур ва Т. Айюб, қозоқ олимлари Э. Қуришжонов ва Б. Соғиндиқовлар уни асл матни, таржима ва фотонусхалари билан нашр эттирганлар. Шунингдек, Е. Э. Бертельс, Фитрат, Фуод Кўпрулу, Т. Такин, Э. Рустамов, Н. Маллаев, А. Қаюмов, А. Ҳайитметов, А. Рустамов, М. Имомназаров, Б. Тўхлиев, Н. Раҳмонов, И. Ҳаққулов, Г. Хўжанова ва бошқалар Югнакий ва «Ҳибат улҳақойиқ» ҳақида у ёки бу даражада тадқиқот ишларини олиб борганлар.

Ас: Ҳибат улҳақойиқ, Т., 1968, 1971; Қадимги обидалар, Т., 1972; Қадимий ҳикматлар, Т., 1987; XI—XIV асрнинг туркий ёдгорликлари, Т., 1994.

Ад.: Алишер Навоий, Насойим улмуҳаббат [Мукаммал асарлар тўплами], 17ж., Т., 2001; Абдурауф Фитрат, «Ҳибат улҳақойиқ» [Танланган асарлар, 3 ж. ли], 2ж., Т., 2000; Маҳмудов Қ., Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат улҳақойиқ» асари ҳақида, Т., 1972; М а л л а е в Н., Ўзбек адабиёти тарихи, Т., 1976; Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж. ли], 1ж., Т., 1978; Буюк сиймолар, алломалар, 1-китоб, Т., 1995; Хўжанова Г., «Ҳибат улҳақойиқ» ҳақиқатлари, Т., 2001.

Эргаш Очилов.

Категория: 0 YU