ЁҚУТ ХАМАВИЙ

ЁҚУТ ХАМАВИЙ (тўлиқ насаби Ёкут Абу Абдуллоҳ Шаҳобиддин Ёқуб ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳамавий) (1179, Кичик Осиё — 1229.20.8, Ҳалаб) — машҳур сайёҳ, географ, адиб, тарихчи. Болалик чоғида асир олинган. Уни бағдодлик савдогар Асқар алҲамавий Суриянинг Ҳама (Ҳамот) ш. да сотиб олган ва қулларга хос исмлардан Ёқут исмини бериб, Ҳамавий нисбаси билан атаган. Ёқут Хамавий савод чиқаргач, хўжасининг тижорат ишларини тартибга солиб турган. Кейинроқ савдо ишлари билан хўжасига ҳамроҳлик қилиб кўп мамлакатларни кезган. 20 ёшида қулликдан озод қилингач, Бағдод ш. га бориб, илм ўрганишни давом эттирган. Хорижийларга маслакдош бўлган. 13а. бошида Хуросоннинг Марв ш. да яшаган. 1213 й. сафарга чиқиб, 16 йил давомида Сурия, Фаластин, Миср, Арабистон я. о. жануби, Ироқ, Эрон, ҳоз. Афғонистон, Мовароуннаҳрда бўлиб, геогр., тарих, филол., этн. га оид маълумотлар тўплади. Манбалардан Ёқут Хамавийнинг қарийб ўнта асарининг номи маълум. Шулардан 1224 й. ёзиб тугатган 14 жилдли топонимик асари «Муъжам улбулдон» («Мамлакатлар луғати»)да Фарғона водийси шаҳар ва қишлоқларига оид маълумотлар ҳам бор. 7 жилдли «Муъжам улудабо» («Адиблар луғати») биографик асарида 7—13а. бошигача яшаган ва араб тилида ижод қилган қарийб 1100 адиб ва олимлар ҳақида маълумот жамлаган. Асарда, жумладан, Ўрта Осиёнинг Хоразм, Бухоро, Марв, Ахсикат, Самарқанд, Фарғона, Фороб каби шаҳар ва вилоятларидан чиққан олимлар (Абулвафо Муҳаммад Ахсикатий, Абу Рашод Аҳмад Ахсикатий, Абу Наср Форобий, МансурашШоший, Абулҳасан Ўзгандий ва б.)нинг номи зикр қилинган. «Муъжам улудабо»да муаллиф бухоролик Ифриқий ижодидан баҳраманд бўлганлигини таъкидлаган. Бу икки йирик асар қўлёзмаси бизгача етиб келган, улар Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари кутубхоналарида сақланмоқда. Ёқут Хамавий асарлари 13а. гача бўлган давр геогр. си, адабиёти, тили, тарихини ўрганишда муҳим манба саналади.

Ад.: Крачковский И. Ю.., Изб. Соч., 4 т., М. —Л., 1957, С. 33042; Ҳикматуллаев Ҳ., Шоисломов Ш., Ёқут Ҳамавий (Ҳаёти, ижоди ва саёҳати), Т., 1965; Сб. материалы из истории Средней и Центральной Азии XXIX вв., Т., 1988.

Категория: 0 YO