ЕР ТУРЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ — ердан фойдаланишнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш; ердан унумли фойдаланиш ёки тупроқ эрозиясининг олдини олиш мақсадларида қўлланилади. Бундай тадбир фойдаланиладиган қ. х. ерларини жойлаштиришдаги камчиликларни тугатиш ҳамда қ. х. ерларининг таркиби ва нисбатини тартибга келтиришга қаратилган.
Ўзбекистоннинг суғорма деҳқончилик минтақаларида Ер турларини ўзгартириш тамойилларидан бири — хўжаликка бириктирилган ер майдонидан мақсадга мувофиқ ва тўлиқ фойдаланишни таъминлашдан иборат. Ер турларини ўзгартириш ҳажми ва уни амалга ошириш йўллари асосан хўжаликда ерлардан янада унумлироқ фойдаланиш истиқболлари белгиланадиган ер тузишда аниқланади. Ер турларини ўзгартириш иқтисодий жиҳатдан асосланади: бунда Ер турларини ўзгартиришга кетадиган бир йўла харажатлар, бу ерлардан фойдаланиш туфайли олинадиган қўшимча соф даромад, экинзорларни дарахтзорларга айлантириш натижасида йўқотиладиган маҳсулот, шунингдек, бу харажатларнинг қопланиши ҳисобга олинади.
Ердан фойдаланишда ва уни тармоқлар ҳамда тармоқ ичидаги тақсимоти жараёнларида бир тоифадан бошқа тоифага ўтказиш бўйича тадбирлар ҳам қўлланилади. Бунда Ер турларини ўзгартириш ерлардан асосий фойдаланиш мақсади ўзгарган тақдирда амалга оширилади (қ. Ер таркиби, Ер ресурслари).
Ерларни ер тоифаларига бўлиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш ерни эгалик қилишга ва фойдаланишга бериш ҳуқуқига эга бўлган идоралар томонидан амалга оширилади. Ер турларини ўзгартириш ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бериш тўғрисидаги қарорларда, уни тасдиқловчи гувоҳномаларда, шартномаларда ва давлат ер кадастри ҳужжатларида кўрсатилади.
Ад.: Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва қишлоқ хўжалигига оид қонун ҳужжатлари, Т., 1999.