АСТРАГАЛ (Astragalus) — бурчоқдошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми. Ўт, чала бута ва баъзан буталардан иборат. 1600 тури бор. Барглари одатда мураккаб, тоқ патсимон. Гуллари каллак ёки бошоқсимон тўпгулда жойлашган. Меваси — дуккак. Ўрта Осиёда 592 ва Ўзбекистонда 250 тури ўсади. Талайгинаси (нўхатак, сингрен) яхши емхашак ҳисобланади. Копетдоғ ва Туркманистонда ўсадиган Астрагалдан (A. piletocladus, A. turcmenorum) тиббиётда, қандолат саноатида ва техникада қўлланиладиган, сувда эримай, фақат бўкадиган трагакант елими олинади. Айрим турларининг ер устки қисми таркибида глицеризин моддаси, флавоноидлар ва микроэлементлар бор. Дамламаси гипертония касаллигини даволашда қўлланилади.