АСАЛАРИЧИЛИК — қ. х. нинг тармоқларидан бири, асалариларни асал, мум ва б. маҳсулотлар (асалари сути, асалари елими, асалари заҳари ва б.) олиш, шунингдек қ. х. экинлари ҳосилдорлигини ошириш учун уларни чанглатиш мақсадларида боқиш. Испаниядаги Аран ғоридан топилган археологик маълумотларга кура Асаларичилик мил. ав. 10 — 5-минг йилликларда ҳам мавжуд бўлган деган тахминлар бор. «Таврот», «Библия» каби диний китобларда ҳам Асаларичилик тўғрисида маълумотлар келтирилади. Асаларичилик тарихида бир неча босқичлар бўлган. Дастлаб одамлар асални ўрмон ва тоғларда дарахтларнинг коваклари, тошлар ёриқлари, ғорларга уя қўйган асаларилардан олганлар. Бундай Асаларичилик теримчилик ва овчиликнинг бир тури ҳисобланган. 1814 й. да рус асаларичиси П. И. Прокопович ромли асалари қутисини, 1865 й. да чех асаларичиси Ф. Грушка асалажратгични кашф этиши билан кўпгина мамлакатларда Асаларичилик сердаромад тармоққа айланди. 20-а. нинг 20-й. ларидан махсус Асаларичилик хўжаликлари пайдо бўлди.
А. Ер юзасининг барча қитъаларида тарқалган. БМТ маълумотларига кўра 1970-й. лар бошида жаҳонда 40 млн. га яқин асалари уя (оилалари) мавжуд бўлган. Жаҳон мамлакатларида Асаларичилик асосан 3 йўналишда ривожланмоқда: асал олиш; экинларни чанглатиш; бошқа хўжаликларга тарқатиш учун энг яхши асалари зотларининг она арисини етиштириш (она асалари етиштирувчи хўжаликлар) ва асалари оилаларини кўпайтириш. А. Россия, Украина, АҚШ, Мексика, Туркия, Францияда айниқса, ривожланган. 1887 й. да тузилган «Апимондия» Халқаро асаларичилик ташкилоти асаларичилар ўртасида халқаро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бу ташкилот Асаларичиликга багашланган симпозиумлар, конгресслар, кўргазмалар ўтказади, 1966 й. дан махсус халқаро «Apiacta» журнали нашр этади.
Ўзбекистонда асаларичилик маҳсулотлари қадимдан озиқ-овқат ва доридармон сифатида маълум бўлсада, асалариларни қутиларда боқиш 19-а. нинг 2-ярмидан бошланган. Туркистонга дастлабки асалари оилалари 1841 й. да Қозоғистоннинг Семипалатинск вилоятидан келтирилган.
19-а. нинг 2-ярмида Туркистонга ўрта рус асалариси, Кавказ кулранг тоғ асалариси, украин дашт асалариси ва б. олиб келинган ва Ўзбекистонда биол. си ҳамда фойдали хўжалик белгилари билан аждодларидан фарқ қиладиган асаларилар популяцияси вужудга келди. ЎзРда 154 минг асалари оиласи (кутиси) бор. Ихтисослаштирилган асаларичилик хўжаликлари ташкил этилган. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида 48 асаларичилик хўжалиги (88 минг асалари оиласи), шу жумладан, «Асал» уюшмаси (1975 — 96 й. ларда республика ИИБ) бор (1998). Республикадаги ўрмон хўжалиги корхоналарида, «Ўзмевасабзавотузумсаноатхолд инг» компанияси таркибида ҳам асаларичилик хўжаликлари бор. Асаларичилик б-н 20 — 50 (90%) ёки 50 — 150 (10%) қути асалариси бўлган хусусий асалчилар ҳам шуғулланади. Мавсумда икки марта — май-июнь (баҳорги) ва авг.-сент. да (ёзги) асал олинади. 1996 й. 17,1 мингтасал, 187 т мумларда тайёрланди. Республикада йилига 20 минг т дан кўпроқ асал тайёрлаш имкониятлари бор. Асаларилар асосан кўчма усулда боқилади. Асаларилардан қ. х. экинларини (ғўза, маҳсар, каноп, уруғлик беда ва б.) чанглатишда фойдаланилади. Асаларилар билан чанглатиш ғўза ҳосилдорлигини ўртача 5,1 — 5,9 ц/га ошириши аниқланган.
Иброҳим Жўраев.