АРҒУН ибн Абақахон (1250/1255-1291) — элхонийлардан бўлган Эрон ҳукмдори (элхони) (1284 — 91). Арғун христианлик ва айниқса буддизмга хайрихоҳ бўлган. Европа давлатлари ҳукмдорлари (Франция ва Англия қироллари, шунингдек Рим папаси) билан Мисрга қарши биргаликда юриш мақсадида ёзишмалар олиб борган. Бироқ бу режалар амалга ошмаган, чунки ҳарбий кучлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда зарур бўлиб қолган. Хуросонда амир Наврўз қўзғолони бошланиб, унга Мовароуннаҳрдан ҳам ёрдам келган. Арғун бу қўзғолонни бостира олмаган. Олтин Ўрда хони Мангу Темурнинг 1290 й. Дарбанд дарвозаси орқали Эронга ҳужуми даф қилинган.