АРҒАЙ ЎТ (мўғулча арға — алдаш, туркча — ўт, олов) — туркмўғул қабилалари ҳарбий санъатида қўлланилган усуллардан бирининг номи. Душманни чалғитиш мақсадида қўшин миқдорини бўрттириб, кўпайтириб кўрсатиш учун одатда оз сонли қўшин қўмондони ҳар бир жангчисига тунда бир қанча ерда гулхан, машъал ёқишни буюрган. Мас, Мирзо Улуғбек 1425 й. Мўғулистонга қилган юриши чоғида қўшин миқдори ҳақида душман нотўғри тасаввурга эга бўлиши учун ҳар бир жангчисига тунда беш ерда гулхан ёқишни амр қилган.