АРШИ АЪЛО

АРШИ АЪЛО (араб, арш — тахт, аъло — буюк) — буюк тахт. Ислом ақидасига кўра, Арш Ер, осмонлар, юлдузлар ва Курсийдан ҳам катта ҳажмдаги мавжудот. Аллоҳ яратган барча нарсадан у буюк ва каттадир. Қуръони Карим оятларида Арши аъло тўғрисида 23 жойда баён этилади. Мас. «Ҳуд» сурасининг 7-оятида: «Аллоҳ шундай (буюк ва кудратли) зотдурким, Еру осмонларни олти кунда яратди, ҳолбуки Унинг Арши сув устида эди», дейилади. Ислом таълимоти бўйича Арш ва б. буюк мавжудотларни яратишдан Аллоҳнинг мақсади улардан Ўзи ёки бошқалар фойдаланиши ёхуд уларга эҳтиёжи борлиги учун эмас, балки Ўзининг қудрат ва имконияти на қадар чексиз эканлигини намоён этишдир. Баъзи нотўғри ақида эгалари, Арш Аллоҳнинг тахти, унда макон тутиб ўтиради, деб хатога кетадилар.