АРХАРШАИР

АРХАРШАИР (Schrenkia golickeana) — зирадошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Бўйи 10 — 55 см. Илдизи бир бошчали, цилиндрсимон. Барглари мураккаб патсимон. Гули оқ. Соябон гули 15 — 20 соябончадан иборат. Ундаги гуллари 15 — 20 та. Архаршаир апр. — майда гуллайди, меваси думалоқ, диаметри 4 мм, май — июнда етилади. Архаршаир фақат Ўрта Осиёда тарқалган. Тошкент ва Самарқанд вилоятларининг адир ва тоғларида турли экологик шароитда ўсади. Архаршаирнинг қуритиб янчилган илдизи халқ табобатида яраларни даволашда қўлланилади.