АРСЛОН ХОЖАТАРХОН — 15-а. би-ринчи ярмида яшаган давлат арбоби, шоир. Улуғбекнинг ишончли амирларидан. Саброн ш. ҳокими бўлган. Саккокий маълум давр унинг саройида яшаган. Арслон Хожатархон зукко олим ва иқтидорли шоир бўлганлиги қатор манбаларда қайд этилган. Арслон Хожатархон ўз саройида ижодкорлар йиғини ўтказишни хуш кўрган. Қад. туркий қўлёзмаларни махсус кўчиртирган ва баъзи асарларни араб, форс, туркий тилга таржима қилдирган. Арслон Хожатархон туркий адабий тил ва тур-кий (уйғур) ёзувнинг билимдони бўлган. У Аҳмад Югнакийниж «Ҳибат ул-ҳақойиқ» достонини уйғур ёзувида кўчиртирган (1444), қўлёзма охирига Адиб Ахмад ҳақидаги «Адибнинг ери оти Югнак эрур, Сифоти ажаб ер, кўнгиллар ёрур…» мисралари билан бошланувчи ўн байтли маснавийини илова қилдирган.
Арслон Хожатархон ижодидан ҳозирча фақат шу 20 сатр маснавий маълум. Шоир ҳақида баъзи маълумотлар Саккокий қасидаларида, Шотибийнинг «Қуръон ўқиш санъати ҳақида»ги рисоласи таржимасининг дебочасида учрайди.