АРРИАН

АРРИАН (Arrianos) Флавий (тахм. 95 — 175 й. лар ўртаси) — Рим тарихчиси ва ёзувчиси. Кичик Осиёдаги Никомедия ш. да тугилган; юнон файласуфи Эпиктет қўлида ўқиган. Римда яшаб, ҳарбий таълим олган. 131 — 137 й. ларда Каппадокия волийси бўлиб, аланлар ҳужумини қайтарган. Арриан сенатор, элчи ва коҳин ҳам бўлган. Фалсафа, тарих, геогр., ҳарбий ва б. масалаларга оид асарлар ёзган (купи бизгача сақланмаган). Унинг бизгача етиб келган энг қимматли асари Александр (Искандар Мақдуний)га бағишланган етти китобдан иборат «Искандар юриши» номли китобдир. Аррианнинг «Ҳиндистон», «Неархнинг ҳарбий юриши», «Эпиктет ҳақида эсдаликлар» ҳамда Эпиктет таълимотига бағишланган «Қўлланма» каби асарлари ҳам сақланган. Унинг «Парфия тарихи», «Аланлар тарихи», «Вифиния тарихи» ва «Александрдан кейинги ишлар» номли асарларидан ҳам парчалар етиб келган. У Ўрта Осиё тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган.