АРОМАТИК УГЛЕВОДОРОДЛАР

АРОМАТИК УГЛЕВОДОРОДЛАР — молекуласида бензол ядроси бўлган углеводородлар. А. у. нинг асосий вакиллари бензол (С6Н6) ва унинг ҳосилаларидир (мас, толуол — С6Н5 — СН3, стирол — С6Н5 — СН = СН2 ва б.). Бензол ядролари конденсирланган Ароматик углеводородларга нафталин, антрацен, фенантрен ва б. киради. Баъзи конденсирланган Ароматик углеводородларнинг молекуласи жуда кўп бензол ядросидан ташкил топган бўлади. (Mac, короненда 6 та). Ароматик углеводородларнинг асосий манбаи тошкўмирни кокслаш натижасида олинадиган маҳсулотлардир. Нефтдан ҳам кўп миқдорда Ароматик углеводородлар олинади. Айрим Ароматик углеводородлар синтетик усуллар билан олинади. Ароматик углеводородлар муҳим аҳамиятли хилма-хил ароматик бирикмалар олиш учун бошланғич маҳсулотдир. Улар ёрдамида ароматик кетонлар, альдегидлар, кислоталар ҳосил қилиш мумкин.