АРИФМЕТИКА

АРИФМЕТИКА (лот. arithmos — сон) — сонлар ва сонли тўпламларда берилган амаллар (қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлиш)ни ўрганувчи фан. Сонлар ёрдамида бериладиган мисол ва масалалар ўзига хос содда усулларда ечилади ва келгусида мат. ни чуқур ўрганишга замин бўлади. Арифметика деганда сон тушунчасининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, ҳисоблаш усуллари ва ҳисоблаш қуроллари такомиллашуви ва турли тарздаги сонлар билан амаллар бажариш тушунилади. Сонлар билан мантиқий мулоҳазалар юритишга урғу берилганда назарий Арифметика тушунчаси ишлатилади. Бутун сонларнинг хусусиятлари сонлар назариясида ўрганилади. Арифметика тушунчаси ҳар хил буюмлар, нарсалар устида амаллар бажариш зарурияти туғилганда ҳам ишлатилади. Арифметика алгебра билан узвий боғлиқ.

Арифметика қадимда одамлар бармоклари ёрдамида санаш ва ҳисоблашни бошлаган пайтларда пайдо бўлган. Кейинчалик ҳисоблаш ва содда ўлчов ишларини амалга ошириш натижасида Арифметика тез ривожланди. Айниқса, пул пайдо бўлгандан сўнг пул ҳисоби, и. ч. воситаларининг кўпайиши, бошқа фанларга татбиқ қилиниши туфайли Арифметика фан сифатида шаклланди. Арифметика ривожланиш жараёнининг энг муҳим босқичлари Ҳиндистон маданияти тараққиёти билан боғлиқ. Ўрта денгиз атрофидаги давлатларнинг жуда кўп қисмида, Ғарбий Осиёдан тортиб то Ҳиндистонгача, Арифметика ва умуман мат. нинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган ўрта аср шарқи олимлари уз таржималари ва асарларида юнон математиклари меросини сақлабгина қолмай, ҳиндларнинг ютуқларини тарғиб этиш билан чекланмай, уларни яна ҳам бойитдилар. Муҳаммад ал-Хоразмий Арифметикага доир асар езди. Бу асарда Арифметика изчил баён қилингани учун у мадрасаларда мат. дан асосий қулланма бўлиб келган. Арифметик амалларни бажаришда ҳинд ҳисоб тизими (унли саноқ тизи-ми)га асосланган янги усуллар 10-а. да Европага тарқала бошлайди. Европаликларга арифметик амалларни ишлатиш усуллари, малакаси ҳиндлардан утган бўлса ҳам бу жараён ал-Хоразмийнинг лотин тилига таржима қилинган Арифметика қўлланмаси ёрдамида амалга оширилган. Бу асарнинг уша даврдаги таржимаси ҳозиргача сақланиб қолган.

Мусулмонқул Бердиқулов.