АРИЗОНА

АРИЗОНА — АҚШ жан.-ғарбидаги штат. Майд. 295 минг км2. Аҳолиси 4 млн. Ортиқ киши (1999). Маъмурий маркази — Финикс ш. Марказий қисми тоғлар (бал. 3861 м гача), шим.-шарқи Колорадо ва Хила платоларидан иборат. Бу платоларни Колорадо дарёси кесиб ўтади. Хўжалигининг асосий тармоқлари — обикор деҳқончилик ва кончилик саноати. Асосан пахта экилади. Беда, сабзавот, цитрус экинлар ҳам анчагина майдонни эгаллаган. Чорвачилиги гўшт-жун етиштиришга ихтисослашган. Колорадо дарёсига йирик ГЭС қурилган. Мис қазиб чиқаришда Аризона АҚШда 1-ўринда туради ва олтин қазиб олиш ҳам катта ўрин тутади. Рангли металлургия (мис, алюминий), металлсозлик ва озиқ-овқат саноати корхоналари бор. Туризм тараққий этган. Аризонада Катта Каньон миллий парки бор.