АРИБОФЛАВИНОЗ

АРИБОФЛАВИНОЗ — овқат таркибида рибофлавин (витамин В2) бўлмаслиги ёки етишмаслиги, шунингдек организмда шу витамин ҳазми ёки ўзлаштирилиши бузилиши оқибатида юзага келадиган касаллик. Асосан лаб шиллиқ пардаси ва юз териси зарарланади: оғиз бурчаклари қизариб, ёрилиб (бичилиб) яраланади; ангуляр стоматит, хейлит, глоссит, кейинчалик терида себореяли ёки буллёз дерматитлар, конъюнктивит, гипохром анемия, нерв системасида жиддий ўзгаришлар рўй беради. Орқа чиқарув йўли ва жинсий аъзолар соҳасида ёриқлар пайдо бўлади.