АРЕОГРАФИЯ

АРЕОГРАФИЯ — астрофизиканинг Марснинг сирт тузилишини хариталаштириш билан шуғулланувчи бўлими. Марс хариталари визуал кузатишларга асосан тузилган. Марс сиртида «денгиз» деб аталувчи катта-катта қорамтир доғлар, улар атрофида ёруғ қитъалар ва қутблар атрофида «қутбий дўппилар» деб аталувчи оқ доғлар кузатилади. Марснинг кичик қорамтир доғлари «кўллар» ва «воҳа»лар дейилади. Кўпинча, Марс каналлари шундай «воҳаларда» кесишади. Оч қорамтир жойлар — «ботқоқлик», денгизнинг уч-бурчаксимон туртиб чиққан жойи «кўрфаз» дейилади. Кўпчилик «денгизлар» Марснинг жан. ярим шарида жойлашган. Уларнинг энг қорамтирлари — Mare Sirenium, Mare Cimmerium, Mare Tirrenium, Syrtis Major, Sabarns sunus бир-бири билан туташган ҳолда 0° дан 30° гача ареографик кенгликлар орасида жойлашган. Жан. даги кўпчилик «кўрфаз»ларнинг учи шим. га йўналган. Марсда ареографик узунлик Sabaens sunus «кўрфаз»идан бошлаб ҳисобланади. Шим. ярим шардаги «денгиз»лар камдан-кам туташган бўлади. Уларнинг энг каттаси Mare Acidalinr — учи жан. га қараган уч бурчакли қора доғ шаклида. Марс денгизларининг ранги ва қорамтирлик даражаси мавсумга қараб ўзгариб туради. Марс тоғларининг энг баланди 5 км дан ортиқ эмас. Америка космик кемаси «Маринер-4» ёрдамида 1965 й. 15 июлда олинган Марс сиртининг фотосуратларида Ойдаги каби ҳалқасимон тоғлар (кратерлар) ва тизма тоғларни кўриш мумкин. Марс сиртида диаметри 4 км дан ортиқ бўлган кратерлар сони 10000 тача деб тахмин қилинади. «Маринер-4» да олинган расмларда Марс сиртининг фотосуратлари келтирилган. Бунда «Маринер4»да расмга олинган жойлар ҳам белгиланган.