АРДАШЕР Сайид Ҳасан (1418 — Ҳирот — 1489) — туркий шоир, олим. Ардашернинг отаси темурийлардан Бойсунқур Мирзо хизматида ов қушларини ўргатувчи бўлиб, қушбегилик лавозимигача кўтарилган. Шунинг учун Ардашер уз исмига «сайид» лақабини қўшган. Араб тили, бадеъ илми, тарих, мусиқа назарияси, шеър санъатини чуқур билган. Туркий, форс тилларида ижод қилган. Навоий билан Машҳадда танишган (1456), унинг ижодий камолотига катта таъсир кўрсатган. «Бу фақирға ота масоба (даража)сида эрди», — деб ёзган эди Навоий «Мажолис ун-нафоис»да. Шу китобида Навоий Ардашер ҳақида маълумот беради, унинг бир қитъа ва бир байтини намуна сифатида келтиради. Ардашер ижодидан бошқа асарлари бизгача етиб келмаган.