АРБОБ (араб. — хўжайин, эга сўзининг кўплиги) — 1) ижтимоий-сиёсий ва б. фаолияти билан халққа танилган, эл орасида обрў қозонган машҳур шахслар — жамоат ва давлат А. лари (мас, Алишер Навоий);
2) фан ва санъатда ўз ижодий меҳнатлари билан танилган шахслар — фан ва санъат А. лари (мас, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан Арбоблари — Т. Н. Қори-Ниёзий, О. Содиқов, С. Юнусов, И. Мўминов; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат Арбоби — Наби Ғаниев ва ҳ. к.). Ўзбек амалий санъатида ажойиб асарлари билан машҳур бўлган талантли усталар ҳам Арбоб деб аталган. Мас, хоразмлик таниқли меъмор, ўймакор, наққош уста Рўзимат Машарипов халқ орасида Арбоб номи билан машҳур бўлган;
3) бошлиқ, раҳбар, қишлоқ оқсоқоли;
4) 18-а. ўртаси — 20-а. бошларида Бухоро амирлигида қишлоқ миробларининг бошлиғи.