ҚИЗИЛ ҚАЛАМ

«ҚИЗИЛ ҚАЛАМ» — адабий жамият. 1926 йил авг. да Самарқандда Шокир Сулаймон раислигида ташкил этилган. Жамият фаолиятида Отажон Ҳошим, Боту, Зиё Саид, Сотти Ҳусайн, Олтой, Анқабой, шунингдек, Уйғун, Ҳамйд Олимжон, Миртемир, Ойдин иштирок этишган. Ўша йилнинг охирида жамиятнинг Фарғона ва Наманган вилоят бўлимлари очилган. Жамиятнинг асосий мақсади Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари «кекса» авлод вакилларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда барпо этилаётган янги тузумга хайрихоҳ ижодкор ёшларни ўз атрофига тўплаш ва уларни тарбиялаш бўлган. «Қизил қалам» мажмуасининг 1-китоби (1928) нашр этилгандан сўнг жамиятининг катта ва ёш аъзолари ўртасида ихтилоф пайдо бўлган. Натижада 1929 йилда жамиятнинг бошқарув органи қайта кўрилиб, Зиё Саид унга раҳбар этиб тайинланган ва шу вақтдан эътиборан «Аланга» жур. «Қизил қалам қ» жамиятининг органи сифатида нашр этилган. Шу йили мазкур мажмуанинг 2-китоби ҳам босилган, Мажмуанинг ҳар иккала китобида А. Самойловичнинг «Навоий тўғрисида Европа олимлари», Чўлпоннинг таржима, О. Ҳошимнинг адабий мерос ва жадид адабиёти, Ш. Сулаймоннинг Ҳамзанинг сўнгги кунлари тўғрисидаги ва бошқалар мақолалар чоп этилган. Жамият Озарбайжон ва Татаристондаги «Қизил қалам» жамиятлари ҳамда ВАПП (Бутун Россия пролетар ёзувчилари уюшмаси) билан ижодий алоқада бўлган. 1930 йилда Боту, Рамзий (Маннон Ромиз) ва Олтойнинг қамоққа олиниши билан жамият тарқалиб кетган.