АРАНЖИРОВКА (франц. arranger – тартибга солиш) — 1) мусиқа асарини аслида назарда тутилмаган ўзга чолғу асбоби (ёки асбоблар), хонанда (ёки хонандалар) овозига мослаш; мас, операни фортепиано жўрлигида ижро этиш, оркестр учун мўлжалланган асар (симфония)ни бир ёки бир неча фортепиано учун Аранжировка қилиш ва ҳ. к. Муаллиф мўлжаллаган мусиқа асбобининг ўзида асар ижросини осонлаштириши ҳам Аранжировка дейилади;
2) жаз ёки эстрадада — бевосита ижро жараёнида киритиладиган ва ижронинг услуби б-н боглиқ турли (гармоник, фактурали) ўзгаришлар;
3) ўзбек халқ ижрочилигида кенг ўрин олган ашула йўлларини чолғу куйлар сифатида ижро этиш (мас, Сурнап йўллари) ва чолғу куйларини ашулалаштириш («Муножот», «Чўли Ироқ», «Насруллойи» ашула йўллари каби) жараёни Аранжировкага яқин.