АРАБИСТОН ЧЎЛИ

АРАБИСТОН ЧЎЛИ — Африкадаги чўл. Саҳрои Кабирнинг шим.-шарқий қисми. Нил дарёси билан Қизил денгиз оралиғида. 22° ш. к. гача чўзилиб бориб, Нубия чўлига қўшилиб кетади. Ер юзаси ясситоғлик. Мутлақ баландлиги ғарбда 50 — 200 м, шарқда 2184 м га етади. Кристалл жинслардан ташкил топган, устини оҳактош ва Нубия қизил қумтошлари қоплаган. Иқлими иссиқ. Ёғин бир неча йиллар давомида ёғмаслиги мумкин. Қуруқ ўзан, водий кўп. Ер ости сувларига бой. Ўсимлик тури кам (асосан акация, юлғун, хурмо ва б. ўсади). Аҳолисининг кўпчилиги чорвачилик билан шуғулланади. Нефть, қалай, фосфорит конлари бор.