АРАБ ДАВЛАТЛАРИ УЮШМАСИ

АРАБ ДАВЛАТЛАРИ УЮШМАСИ — 1945 й. да араб давлатлари сиёсий йўналишларини мувофиқлаштириш, улар мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий алоқа соҳаларида ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида тузилган минтақавий ташкилот. Араб давлатлари уюшмасига Яқин Шарқ ва Шим. Африканинг мустақил араб мамлакатлари уюшган. Араб давлатлари уюшмаси ташкилотчилари — Миср, Сурия, Ироқ, Иордания, Ливан, Саудия Арабистони ва Яман Республикасидир. Кейинроқ Араб давлатлари уюшмасига Жазоир, Баҳрайн, Жибути, Қувайт, Ливия, Мавритания, Марокаш, Қатар, Сомали, Судан, Тунис, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман Халқ Демократик Республикаси, шунингдек Фаластин Озодлик Ташкилоти аъзо бўлди.

Араб давлатлари уюшмасининг раҳбар органи — Кенгаш (Мажлис) ҳисобланади, унинг таркибига ҳар аъзо мамлакатдан битта вакил киритилади. Кенгаш ўз мажлисларини бир йилда икки марта ўтказади. Ҳамма аъзолар учун мажбурий қарорлар фақат якдил овоз билан қабул қилинади. Кўпчилик овоз б-н қабул қилинган қарорлар буларни қўллаб-қувватлаб овоз берган мамлакатлар учунгина мажбурийдир. Кенгаш ҳузурида бир неча доимий ишчи қўмита ва қатор ихтисослашган ташкилотлар тузилган, улар иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланади, умумий лойиҳа ва дастурлар устида ишлайди. Араб давлатлари уюшмаси Котибиятини Бош котиб бошқаради. Араб давлатлари уюшмаси у – бошқарув идораси Қоҳира (Миср)да жойлашган. Араб давлатлари уюшмаси БМТ ҳузуридаги кузатувчи ташкилот мавқеига эга. 1960—70 й. ларда Араб давлатлари уюшмаси аъзоларининг сони кўпайди, улар иқтисодий қудрати мустаҳкамланиб, умумиқтисодий ва сиёсий манфаатлари кучайди. Шу туфайли Араб давлатлари уюшмаси доирасида араб давлатлари ҳамкорлиги кенгайди. Уюшманинг умумараб бозори, Араб Тараққиёт банки, араблараро ўқув юртлари, Наркотикларга қарши кураш олиб борувчи араб бюроси ва «Араб пресс» ахборот бюросини тузиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.