АПЕЙРОН

АПЕЙРОН (юн. apeiron — чексиз) — фалсафа тарихига юнон файласуфи Анаксимандр томонидан киритилган тушунча. А. тушунчаси материя ҳақидаги тасаввурлар тараққиётида олға қўйилган қадам эди, чунки ўша даврда ҳамма нарсанинг асоси сув ёки ҳаво, деган тасаввур мавжуд эди. Анаксимандр зса материя тушунчасини Апейрон термини билан атади. Апейрон ҳеч қандай сифатга эга эмас, бироқ ҳамма муайян жисмларнинг асосидир; бирбирига қарама-қарши бўлган иссиқлик ва совуқликни қуруқлик ва намликни ўзидан чиқара бориб, абадий мавжуд бўлади, бошқа жисмларни вужудга келтиради. Апейрон тушунчасида Анаксимандрнинг содда диалектик қарашлари ўз ифодасини топган.