АНҒИРТ

АНҒИРТ, сариқ ғоз, атайка (Casarca ferruginea) — ғозсимонлар туркумининг ўрдаклар оиласига мансуб парранда. Патлари очиқ сарғиш, боши оқиш. Европа ва Осиёнинг чўл, дашт ва тоғли ҳудудларида тарқалган. Қишлаш учун Африканинг шим. ва Осиёнинг жан. томонларига учиб кетади; Ўзбекистонда ҳам учрайди, бир қисми шу ерда қишлайди. Тоғ, чўл ва дашт зоналаридаги чучук сувли ва шўр кўлларда яшайди. Инини тулки, қорсоқ, бўрсиқ каби ҳайвонларнинг ташлаб кетган уясига ва тошлар орасига қуради, 8—12 тача тухум қўяди. Эркаги уянинг атрофидан узоққа кетмасдан, урғочисини қўриқлаб юради ва тухумдан чиққан жўжаларини боқишга кўмаклашади. Анғирт ҳар хил майда жониворлар ва ўсимликлар билан овқатланади. Анғирт ов қилинади. Гўшти ёзда (фақат жониворлар б-н овқатланганда) бемаза ва қўланса, кузда (ўсимликлар билан овқатланганда) мазали бўлади.