АНТРОПОНИМИКА

АНТРОПОНИМИКА (антропо… ва юн. опума — ном) — ономастиканинг бўлими. Одамлар исмини, уларнинг тарқалганлиги, келиб чиқиши, жамиятда амалда қўлланишини ва бундан ташқари антропонимик тизимлар тузилиши ҳамда ривожланишини ўрганади. Атоқли от турлари, тахаллус, лақаб, нисба ва шахсни аташликнинг турли усуллари ҳам Антропонимика тадқиқот манбаидир. Мас, Соҳибқирон Амир Темур Тарағай Баҳодир Кўрагоний. Бунда фақат Темур шахснинг хос исми, Амир — ҳукмдорлик даражасини англатади, Соҳибқирон — Темурга замондошлари томонидан берилган сифат (аср, давр соҳиби деган маънони билдиради), Тарағай — отасининг исми (фамилия ҳисобланади), Баҳодир — отасининг лақаби, Кўрагон — хонга куёвлик нисбаси.

Дунёдаги турли халқларда турлича антропонимик тизим мавжуд бўлган. Mac, Қад. Римда ҳар бир эркак хос исми олдидан келадиган номга — авлоддан авлодга ўтадиган уруғ номига эга бўлган, бу уруғнинг шажарасини тавсифлаган. Ҳоз. Испания ва Португалияда бир киши бир неча хос (католик черкови рўйхатидан олинадиган) исмга, отаси ва онасининг фамилиясига эга бўлиши мумкин. Исландияда ҳар бир киши, бир неча хос исмга (чекланган рўйхатдан олинган) ва фамилия ўрнида отасининг исмидан ҳосил бўлган номга эга бўлади. Хитой, Корея, Вьетнамда киши номи бир бўғинли фамилиядан (турли даврда улар 100 дан 400 гача бўлган) ва хос (одатда иккита бир бўғинли морфемадан ташкил топган) исмга эга бўлади, хос исмлар миқдори чекланмайди. Антропонимика тизимида кипокористика (эркалатиб, кичрайти-риб аташ — мас, (Лазизжон), Дилобар(хон), (Ҳомидча), (Аҳмадча) ва ҳ. к.) алохида ўрин тутади. Антропонимика маълумотлари тилшуносликнинг бошқа соҳалари учун, жамиятшуносликда, халқлар тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Эрнст Бегматов.