АНОРЕКСИЯ (юн. an — инкор қўшимчаси ва orexis — иштаҳа) — иштаҳанинг йўқолиши, иштаҳадан қолиш. Бош миядаги овқат марказининг тормозланишидан келиб чиқади. Турли ҳаяжонларда бош миянинг ҳаддан ташқари қўзғалиши, руҳий ҳамда эндокрин хасталиклар (мас, Симмондс касаллиги), юқумли касалликлар, интоксикациялар, моддалар алмашинувининг бузилиши, ҳазм аъзоларининг касалликлари (ўткир гастрит, сурункали гастритнинг зўриқиши, меъда раки, санчиклар ва б.), овқатни мунтазам бир вақтда емаслик, унинг кўнгилга уриши, шунингдек овқат вақтидаги нохуш вазият бош миядаги овқат марказининг тормозланишига сабаб бўлади. Анорексия бирор касаллик белгиси (симптоматик Анорексия) ёки асосий касаллик (anorexia nervosa) бўлиши мумкин. Анорексия узоқдавом этганда организмни қувватдан кетказиб, турли касалликларга мойил қилиб қўяди.