АНОД-МЕХАНИК ИШЛОВ

АНОД-МЕХАНИК ИШЛОВ — металл буюмга электролит муҳитида электр кимёвий ва электр эрозион тарзда таъсир этиб ишлов бериш усули. Рус олими В. Н. Гусев ихтиро қилган (1943). Ишланувчи деталь ва электрод асбоб электролит (анод эритмаси) ичига ботирилади ва занжирга паст кучланишли (25—30 В) ўзгармас ток уланади (расм). Электрод асбобнинг материали сифатида кам углеродли пўлат олинади. Электрод асбоб деталь сиртидаги ҳимоя пардасини емириши натижасида унинг остида ток зичлиги ортиб, электролит таъсирида металл емирилади. Ан.-м. и. станокларида металларни тўғри ва эгри чизиқ бўйлаб кесиш, қаттиқ қотишмали кескичларни чархлаш, силлиқлаш ва б. ишларни бажариш мумкин. Бу усул ҳозир ҳам қўлланилади.