АНИМИЗМ

АНИМИЗМ (лот. anima — жон, руҳ) — жон ва руҳлар борлигига ишониш. Ибтидоий даврда пайдо бўлган. Ибтидоий одамлар табиат кучларига қарши курашда ожизлик қилган, ўз ҳаёти ва танасидаги турли ҳодисалар (туш кўриш, галлюцинация, ўлим ва ҳ. к.)ни тушунмаган. Улар жон тана билан боғланган ва у танадан чиқиб кета олади, деб ҳисоблаганлар. Инсонда аста-секин абстракт тафаккур ривожланиши билан моддий нарсаларга боғлиқ руҳ тўғрисидаги тасаввурлар пайдо бўлган. Руҳлар яхши, сахий ҳамда ёмон, ёвуз руҳларга бўлинган. Руҳлар одамлар ҳаётига, турмушига таъсир кўрсата олади деб тасаввур қилинган. Шу сабабли зарур пайтларда уларга қурбонликлар қилганлар.