АНЗИРАТ ГЎШТХЎР

АНЗИРАТ ГЎШТХЎР, трагакант (Tragacantha) — астрагалнинг Astragalus piletacladus, A. dasyahthus, A. gummifera ва б. турларидан олинадиган рангсиз ёки саргиш мугузсимон елим; сувда бўкади. Қадимдан Шарқ, жумладан, Ўрта Осиё табобатида анзарут катиро номи билан кўп касалликларни даволашда ишлатиб келинган. Тулкимашоқ (тулки сока)нинг A. dasyahthus туридан олинадиган елим (Шарқда катиро номи билан машҳур) буйрак, юрак касалликлари ва гипертонияни даволашда, шунингдек тўқимачилик, кўнчилик, қоғоз и. ч., қандолат, бўёқчилик саноатларида қўлланилади. Анзират гўштхўр ақоқиё ва агар-агар ўрнида ҳам ишлатилади.