АНЖАБОР (Geranium collinum, G. rectum) — ёронгулдошлар оиласининг геранлар туркумига мансуб бир-бирига яқин бир қанча турлардан иборат куп йиллик ўтлар. Барги кенг тўгарак, ромбсимон бўлакларга бўлинган, гули кўкишпушти. Ўзбекистон тоғларида ўсади. Таркибида 23—54% таннин (ошловчи) ва б. моддалар бор. Илдизининг қайнатмаси табобатда ичдан қон кетишини тўхтатиш, оғриқни қолдириш ва меъда касалликларини даволашда фойдаланилади. Анжабор тери ошлашда ҳам қўлланилади.