АНДРОГЕНЕЗ

АНДРОГЕНЕЗ (юн. andros — эркак ва… генез) — жинсий кўпайиш хили. Бунда муртакнинг ривожланишида фақат уруғ ҳужайра ядроси иштирок этади. Андрогенез айрим ҳайвонлар (мас, габробракон яйдоқчилари) ва ўсимликлар (маккажўхори, тамаки)да тухум ҳужайра ядроси уруғланишидан олдин нобуд бўлганида (псевдогамия) ёки тухум ҳужайранинг ядросиз қисми уруғланганида (мерогония) рўй беради. Тухум ҳужайра ядросига физик ёки кимёвий йўл билан таъсир этиш орқали сунъий Андрогенезни пайдо қилиш мумкин. Андрогенез натижасида ҳосил бўлган гаплоид организмнинг яшовчанлиги паст бўлади. Диплоид А. уруғланган тухум ҳужайранинг дастлабки бўлиниши цитотомиясини бирга қўшиш орқали олинади. Андрогенездан ирсийланишда ядронинг аҳамиятини текшириш, гомозигот ёки бир жинсга мансуб бўлган организмларни олиш мақсадида фойдаланиш мумкин.