АНДОРРА-ЛА-ВЕЛЬЯ

АНДОРРА-ЛА-ВЕЛЬЯ — Андорра давлатининг пойтахти. Шарқий Пиреней тоғлари орасида, Валира дарёси (Эбро ҳавзаси) бўйида, 1000 м бал. да жойлашган. Аҳолиси 21,7 минг киши (1996). Испанияни Франция билан боғлайдиган автомобиль йўлидаги савдо-транспорт манзили. Озиқ-овқат саноати корхоналари, ГЭС, радиостанция бор. Халқаро миқёсдаги туризм маркази. Эсдалик буюмлари (сувенир) ишлаб чиқарилади. Шаҳар 9-а. да ташкил топган. Меъморий ёдгорликларидан 1580 й. да қурилган бино (ҳоз. Ҳукумат қароргоҳи) ва черков (11-а.) бор.