АНДИЗ

АНДИЗ (Inula) — қоқидошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтлар туркуми. 100 га яқин тури бор. А. асосан Европа, Осиё ва Африкада тарқалган. Ўзбекистонда 9 тури учрайди. Бўйдор Андиз (кора A. — I. helenium ва сариқ А. — I. grandis) турлари кўпроқ тарқалган. Бу турларнинг поялари баланд бўйли (1 — 2,5 м), бир оз қиррали, тукдор; илдизпояси (танаси) йўғон; барглари бутун, чети нотекис, поянинг қуйи қисмида йирик (уз. 40—50 см, эни 20—25 см), юқорисида эса майдароқ (уз. 10—30 см, эни 3—12 см); гули саватча, гулбанди йўғон, четдаги гуллари уруғчили, ўртадагилари эса икки жинсли, сариқ. Июннинг охиридан сент. гача гуллайди. Адир ва тоғларда 500—2000 м гача баландликда ўсади. Кора Андиз илдизпояси таркибида 3% гача эфир мойи, 44% гача инулин, сапонин ва б. моддалар бор. Илдизпоясининг кайнатмаси балғам кўчирувчи дори сифатида ишлатилади. Сариқ Андиз ҳам табобатда сийдик ҳайдовчи дори ўрнида қўлланилади. Сариқ Андиз илдизпоясидан эса левулёза (фруктоза) олинади. Андизнинг баъзи турлари хушманзарали.