АНАЛИЗАТОРЛАР

АНАЛИЗАТОРЛАР (физиологияда) — юксак даражадаги ҳайвонлар ва одам нерв тузилмаларининг мураккаб системаси. Анализаторлар ташқи муҳит ва организмдаги таъсиротларни идрок этиб, таҳлил (анализ) қилади. Анализаторлар тушунчасини И. П. Павлов киритган (1909). Келадиган ахборот рецепторлар — сезувчан (афферент) нервлар охирларида кабул қилинади. Рецепторлар қўзғатувчи таъсирот энергиясини нерв импульсларига ўтказади, сўнгра булар нерв системасининг ўтказувчи йўллари орқали Анализаторларнинг олий (марказий) бўлимларига — бош мия пўстлоғи қисмларига ўтади. Анализаторлар ахборотнинг асосий қисмини атроф муҳитдан олади. Буэкстерорецептив Анализаторлар дейилади. Буларга эшитув, кўрув, ҳид, таъм билиш, туйгу аъзолари киради. Бошқа Анализаторлар организмнинг ички муҳити ҳолатини таҳлил қилади (интерорецептив А). Вестибуляр ва таянч ҳаракат аппарати, қон босимининг даражаси улар назорати остида бўлади.

Анализаторлар мураккаб тузилишга эга бўлиб, мияни организмдан ташкаридаги, шунингдек унинг ичидаги ҳодисалар тўғрисида батафсил ахборот билан таъминлайди. Анализаторларнинг вазифаси шуки, уларнинг ёрдамида ҳайвон ташқи ҳамда ички муҳитдаги фойдали ва зарарли таъсирларни ажратиб, ҳаёт шароитига яхшироқ мослашади. Бирорта Анализаторлар бузилганда (шикастланиш, касаллик туфайли) машқ жараёнида бошқа Анализаторларнинг имкониятлари кенгаяди. Mac, кўзи ожиз кишиларда эшитиш, туйғу, босим ва т-рани сезиш қобилияти ривожланган бўлади. Одам онги борлигидан унда Анализаторларнинг аҳамияти янада катта.