АМР ибн ЛАЙС

АМР ибн ЛАЙС ас-Саффор (?-902) — саффорийлар амири (879—902). Манбаларнинг хабар беришича, у ёшлигида хачир етакловчи, сўнг тоштарошлик билан шуғулланган. Кейинчалик акаси Яъқуб ибн Лайсга қўшилган. Яъқуб вафот этгач (879 й.) қўшин томонидан сипоҳсолор деб тан олинган Амр Ибн Лайс халифага тобелигини билдирган. Бунинг эвазига у Хуросон, Форс, Исфаҳон, Сейистон, Кермон ва Синд вилоятларини бош-қариш ҳуқуқини олган. Хуросонда ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун рақиблари Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Хужустоний, Рофе ибн Харсама ва Ҳусайн ибн Тоҳирларга қарши курашган; бу кураш жараёнида халифа икки маротаба (885 й. ва 890 й.) А. Л. ни мансабидан олинганлиги ҳақида фармон чиқарган, биринчи галда ҳатто минбардан туриб уни дуоибад ҳам қилган; ниҳоят 892 й. халифа унинг ноиблигини тан олган, бироқ Амр Ибн Лайс ўзининг сўнгги рақиби Рофе ибн Харсама устидан фақат 896 й. гина ғалаба қилган. Ўзидан аввал ўтган Хуросон ноибларига ўхшаб у ҳам Мовароуннаҳрга даъвогарлик қилган. Халифа 898 й. фев. да Мовароуннаҳр тахтидан Исмоил ибн Аҳмадни тушириб ўрнига Амр Ибн Лайс ўтқазилгани ҳақида фармон чиқаради. Бироқ Исмоил рақибидан илдамроқ ҳаракат қилиб 899 й. А. Л. нинг саркардаси Муҳаммад ибн Башар қўмондонлигидаги қўшинни енгиб, 900 й. Балх яқинида Амр Ибн Лайсни асир олган ва уни Бағдодга жўнатган. Халифа ал-Муътадид 902 й. А. Л. ни қатл эттирган. Манбаларда ёзилишича, Амр Ибн Лайс давлат ва қўшинни қаттиққўллик билан бошқарган. Пойтахти Нишопур ва ватани Сейистонда кўплаб жамоат бинолари қурдирган.