ЖЎРАБЕК

ЖЎРАБЕК, Жўрабек додхоҳ Қаландар ўғли (тахм. 1840—1906.25.1, Тошкент) — Бухоро амирлиги таркибидаги Китоб беги (1862—70), ҳарбий арбоб, маърифатпарвар, рус армияси генерали (1901). 1852—53 й. лардан амир Насрулло хизматида. 1856 й. Ж. тўқсобо амир томонидан Китоб беги Оллоёрбек хизматига юборилган. 1861 й. да амир Музаффар томонидан Китобга ҳоким қилиб тайинланган Зокирбек юритган сиёсат халқнинг норозилик чиқишларига сабаб бўлади ва унинг ўрнига халқ хоҳиш-истагига кўра Ж. ҳокимликка кўтарилади. Жўрабекнинг ҳокимлик қилган даврида бекликнинг Бухоро амирлигидан сиёсий ва иқтисодий мустакиллиги кучая боради. Бекликнинг иктисодий тизими: савдо-сотиқ, соликлар, экин-тикин масалалари тартибга солинади. Йўллар, мудофаа иншоотлари тартибга келтирилади. Бухоро ва Қўқон хонликларида қувғинга учраган сиёсат ва маданият арбоблари шу бекликдан паноҳ топишади.

Ўрта Осиёга чоризм босқини бошланган даврда Жўрабек босқинчиларга қарши қатъий кураш позициясида турган. Бухоро амири рус армияси тажовузла-рига қарши мудофаага тайёргарлик кўраётган бир даврда Жўрабек Шаҳрисабз ҳокими Бобобек билан биргаликда амир Музаффардан ўзаро низоларни уну-тишни сўраб ва ёғийга қарши жиҳодца барча мусулмонлар билан бир сафда туриб курашиш истагини билдириб мактуб йўллашади. Аммо уларнинг бу истаги амирнинг уларга ишончи бўлмаганлиги туфайли ижобатсиз қолади. Жўрабек амирнинг босқинчиларга нисбатан юритган таслимчилик, кейинчалик эса келишувчанлик сиёсатидан норози бўлган кучларга бошчи сифатида сиёсий майдонга келган Абдумалик тўра ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бирига айланади.

1868 й. 1—8 июнь кунлари Самарқандни рус қўшинларидан қайтариб олиш мақсадида амалга оширилган шаҳар қамали раҳбарларидан бири. Баъзи замондошлари фикрига кўра, муваффақиятсиз тугаган Самарқанд қамали Жўрабек томонидан ишлаб чиқилган Ватанни озод қилиш режасининг таркибий қисми бўлган. 1870 й. 14 авг. да Шаҳрисабз ва Китоб бекликлари чор армияси томонидан босиб олинганидан ке-йин Ж. Бобобек билан бирга Қўқон хонлиги орқали Қашқарга қочишга уринади, лекин Худоёрхон томонидан тутиб Туркистон генерал-губернатори К. П. фон Кауфманга топширилади. 1870—1906 й. лар мобайнида Ж. Тошкентда яшаб, ўлка ижтимоий-сиёсий хаётида иштирок этади. 1871—82 й. ларда Туркистон генерал-губернаторлиги маъмуриятида таржимонлик қилади. Чор армиясининг Қўқон хонлигини тугатиш мақсадида амалга оширган юришларида иштирок этади. К. П. фон Кауфмандан кейинги даврда ўлкани бошқарган генерал-губернаторлар даврида ўзининг ўлка устидан рус ҳукмронлиги тўғрисидаги, маҳаллий аҳолининг аянчли аҳволи борасидаги кескин фикрлари учун фаол сиёсий фаолиятдан бир қадар четлаштирилади. 1895 й. да Тошкент ш. Думасининг аъзоси сифатида Бобобек билан бирга Николай II нинг тахтга ўтириши муносабати билан унга табрикнома ва совға-салом юборилишига қарши чиққан.

Илм-маърифатга катта аҳамият берган. Шарқ қўлёзмаларининг, хусусан, нодир асарларнинг бой кутубхонасига эга бўлган. Шарқ тиллари ҳамда рус тилини яхши билган. 1876 й. Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг 3-халқаро конгрессида қатнашиб маъру-за қилган. 1902 й. да Туркистонга ташриф буюрган жадидлар етакчиси И. Гаспринский билан учрашади. Жадидлар билан ҳамфикр бўлган Жўрабек «Таржимон» газетасининг Туркистондаги фаолларидан бирига айланади. Ўзбек мутафаккир шоири Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган. Россияда 1905 й. янв. да бошланган воқеалар туфайли Туркистон халқлари орасида содир бўлган кўтарилишлар даврида Тошкентда Жўрабек бошчилигида бир неча марта халқ йиғинлари ўтказилади ва уларда мамлакатда вужудга келган вазиятдан фойдаланган ҳолда ўлкани чидаб бўлмас оғир аҳволдан қутқариш чораларини кўриш масаласи кун тартибига қўйилади. Жўрабек сирли тарзда ўлдирилган.

Ад.: Юсупов Ш., Худоёрхон ва Фурқат, Т., 1995.

Бахтиёр Ёқубов.